Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов 8-9 май кунлари Қатарга амалий ташрифи доирасида ушбу мамлакатнинг муҳим вазирликлари, идоралари ва йирик компаниялари раҳбарлари билан музокаралар ўтказди.
Икки томонлама сармоявий ҳамкорлик ва саноат кооперациясининг бугунги ҳолати ва уни янада ривожлантириш истиқболлари музокараларнинг асосий мавзулари бўлди. Хусусан, савдо-иқтисодий ва сармоявий соҳалардаги алоқаларни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Томонлар ўзаро савдони ривожлантириш бўйича қўшма ҳаракатлар режасини ва саноат кооперациясини ривожлантириш бўйича қўшма дастурни ишлаб чиқиш боʻйича келишувга эришди.
Икки томонлама солиққа тортишнинг олдини олиш, инвестицияларни ўзаро рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш тўғрисидаги битимларни имзолашга тайёргарлик кўриш бўйича ҳам чора-тадбирлар келишиб олинди.
Музокаралар чоғида Тошкент шаҳрида икки давлатнинг йирик ишбилармон доиралари вакиллари иштирокида бизнес-форум ташкил этишга келишиб олинди.
Бундан ташқари, томонлар қатор инфратузилма лойиҳаларини биргаликда молиялаштириш бўйича амалий чора-тадбирлар кўриш, Қатар ва Ўзбекистон тижорат банклари ўртасида тўғридан-тўғри ҳамкорликни йулга қўйиш ва қўшма ишбилармонлар кенгашини ташкил этиш бўйича келишувга эришди.
Шунингдек, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, маиший кимё маҳсулотлари ишлаб чиқариш, чорвачилик, меҳмонхона, савдо-кўнгилочар ва турар-жой мажмуалари қуриш бўйича йирик лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Қатар раҳбарининг Ўзбекистонга ташрифи кўп қиррали шерикликни янада чуқурлаштиради ва икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришда янги саҳифа очади.