Ўзбекистон Республикаси Элчиси Римда БМТ Жаҳон озиқ-овқат дастури ижрочи директори билан учрашди

Ўзбекистон элчиси Абат Файзуллаев БМТ Жаҳон озиқ-овқат дастури ижрочи директори Синди Маккейн билан учрашди. Суҳбат чоғида Маккейн Ўзбекистоннинг Афғонистонга гуманитар юкларни етказиб беришдаги ролини юқори баҳолади.

У Термиз халқаро транспорт-логистика маркази ёрдамни зудлик билан етказиб бериш, миллионлаб афғонларни қутқаришда муҳимлигини таъкидлади.

Жаҳон озиқ-овқат дастури раҳбари Ўзбекистон томонидан халқаро майдонда ушбу гуманитар муаммога қаратилаётган эътиборни қатъий қўллаб-қувватлашини билдирди.

Шунингдек, Афғонистонда тинчлик ўрнатиш, миллий тотувликка эришиш ва барқарорликни таъминлашга интилиш Ўзбекистон ташқи сиёсатининг ажралмас қисми экани таъкидланди.

Афғонистонга инсонпарварлик юкларини етказиб беришда Термиз хабдан фойдаланиш ва ёрдамни янада кенгайтириш масалаларини муҳокама қилиш доирасида томонлар ўзаро фикр алмашдилар.

Синди Маккейн узоқ муддатли ҳамкорликка қизиқиш билдирди ва лойиҳалар, хусусан, Оролбўйи минтақасидаги мактабларда соғлом овқатланиш дастурини амалга оширишда эксперт ёрдамини кўрсатишга тайёрлигини билдирди.

Ушбу учрашувда Ўзбекистоннинг гуманитар муаммоларни ҳал этишга қўшаётган ҳиссаси муҳимлиги таъкидланди ҳамда Ўзбекистон ва БМТнинг Жаҳон озиқ-овқат дастури ўртасида узоқ муддатли ҳамкорликка тайёр экани тасдиқланди.