Ўзбекистон Республикаси пойтахтида хотин-қизларнинг сиёсий фаоллигини оширишга бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди

Яқинда Сенатнинг Хотин-қизлар ва гендер тенглиги масалалари қўмитаси аъзолари иштирокида хотин-қизларнинг сиёсий жараёнлардаги фаоллигини оширишга бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.

Тадбир давомида 2030-йилгача гендер тенглигига эришиш стратегиясининг амалга оширилиши ва мақсадли вазифалари муҳокама қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Статистика агентлиги маълумотларига кўра, бир қатор вазирлик ва идоралар, жумладан, сиёсий партиялар томонидан статистик маълумотлар ўз вақтида тақдим этилмаган. Шу муносабат билан сиёсий партиялар вакиллари ушбу кўрсаткичларни ҳар ойнинг 5-кунига қадар тақдим этишлари шарт.

Тадбирда хотин-қизларнинг жамият-сиёсий ҳаётдаги ўрни, сайлов жараёнларидаги фаоллигини ошириш бўйича сиёсий партиялар билан бевосита ҳамкорлик дастурини ишлаб чиқиш вазифалари ҳам муҳокама қилинди. Ўз навбатида, мазкур дастур келгусида хотин-қизларнинг сиёсий жараёнларга қизиқиши ва фаоллигини оширишга хизмат қилиши таъкидланди.

Муҳокамалар давомида иштирокчилар бир қатор таклифларни илгари сурдилар. Ўзбекистонда сиёсий фаол аёл қиёфасини шакллантириш, хотин-қизларни сиёсий партияларга янада кенгроқ жалб этиш, уларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, шунингдек, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, олий таълим муассасалари талабалари ўртасида сиёсий жараёнларни кенг тарғиб этиш шулар жумласидандир.

Тадбир якунида Олий Мажлис Сенати ва Ўзбекистон сиёсий партиялари 2030-йилгача гендер тенглигига эришиш бўйича Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш, шунингдек, Ўзбекистонда сиёсий фаол аёлларни қўллаб-қувватлаш бўйича ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш тўғрисида келишиб олдилар.