Ўзбекистон Республикаси Президенти Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти саммитида иштирок этади

Ўзбекистон Президенти 28 ноябр куни Ашхободда бўлиб ўтадиган Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг 15-саммитида иштирок этади.

Тадбир кун тартибига мувофиқ ташкилот доирасидаги кўп томонлама шерикликни янада кенгайтириш, биринчи навбатда, савдо алоқаларини ривожлантириш, минтақанинг транзит салоҳиятини ошириш, “яшил иқтисодиёт” ни илгари суриш ва инновацияларни жорий этиш масалалари кўриб чиқилади.

Саммитнинг якуний ҳужжатини қабул қилиш кўзда тутилган. Туркманистонга ташриф доирасида бир қатор икки томонлама учрашувлар ҳам режалаштирилган.

Иқтисодий Ҳамкорлик Ташкилоти (ИҲТ) минтақа давлатлари ўртасида яқин савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантиришга кўмаклашиш мақсадида 1985 йилда ташкил этилган минтақавий кўп томонлама тузилмадир.

Ҳозирда унга 10 та давлат – Ўзбекистон, Туркия, Эрон, Покистон, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Афғонистон аъзо. Ўзбекистон ИҲТга 1992 йилда аъзо бўлган.