Ўзбекистон Республикаси Президенти имтиёзлар самарадорлигини таҳлил қилишга бағишланган йиғилиш ўтказди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев иқтисодиёт тармоқларига берилаётган имтиёзлар самарадорлиги таҳлилига бағишланган йиғилиш ўтказди.

Сешанба кунги йиғилишда Президент имтиёзлардан самарасиз ёки ўринсиз фойдаланиш ҳолатларини қайд этди. Хусусан, давлат бюджетидан тўланадиган 127 турдаги субсидиянинг 15 таси амалда қўлланилмаяпти.

Бу борада имтиёзлар самарадорлигини ошириш юзасидан кўрсатмалар берилди.

– Охирги йилларда иқтисодиёт тармоқлари ривожига туртки бериш мақсадида мисли кўрилмаган имтиёзларни жорий этишга мажбур бўлдик. Бугун у нима берганини, қандай хулосалар чиқарилганини, қандай тажриба тўпланганини тушуниш вақти келди. Бюджетдан ажратилган ҳар бир сўмни жойига қўйиш керак”, — деди Шавкат Мирзиёев.

Бош вазир ўринбосари ва молия вазирига барча имтиёз ва субсидияларнинг самарадорлик кўрсаткичларини аниқлаш, улардан самарали фойдаланиш устидан қатъий назорат тизимини жорий этиш топширилди.
Ҳисоб палатасида мониторинг бўлимини ташкил этиш, имтиёзлар самарадорлигини доимий таҳлил қилиб бориш вазифаси қўйилди.

Шу билан бирга, солиқ ва божхона имтиёзларини инвентаризация қилиш, самарасизларини бекор қилиш, хорижий ва маҳаллий инвесторлар учун имтиёзларни унификация қилиш зарурлиги таъкидланди.
Бундан ташқари, ҳудудларнинг ривожланиш даражасидан келиб чиққан ҳолда солиқ имтиёзлари бериладиган тизимни жорий этиш бўйича кўрсатма берилди.

Энди жойларга бориб, манзилли қарорлар қабул қилишимиз, имтиёзлардан тўғри фойдаланиб, энг чекка ҳудудларни тараққиёт йўлига тутишимиз керак, – деди президент.

Давлатимиз раҳбари, шунингдек, субсидиялар бўйича ягона очиқ портал яратиш ва ундаги барча имтиёзларни тақдим этиш функцияларини босқичма-босқич жорий этишни таклиф қилди.