Ўзбекистон Республикаси Президенти Истанбулдаги портлаш муносабати билан Ердўғонга ҳамдардлик билдирди

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Истанбулдаги терактда ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик ва далда сўзларини етказди, жабрланганларнинг тезроқ соғайиб кетишини тилади.

Бу ҳақда президент матбуот котиби Шерзод Асадов хабар берди.

Президент Шавкат Мирзиёев Истанбулдаги портлаш муносабати билан Туркия президенти Ражаб Тойиб Ердўғонга ҳамдардлик билдирди.

Бейўғлу туманидаги Истиқлол кўчасида содир бўлган фожиа кўплаб қурбонлар ва оғир тан жароҳатлари билан якунланди.

Якшанба куни тушдан кейин Истанбул марказидаги пиёдалар сайёҳлик кўчаси Истиқлолда содир бўлган портлашда 6 киши ҳалок бўлди. Яна 81 киши жароҳат олди, ҳозирда 50 нафар жабрланувчи шифохоналардан чиқарилди.

Туркия ИИВ раҳбари Истиқлол кўчасига бомба қўйган террорчи қўлга олинганини маълум қилди.

Туркия расмийлари воқеани теракт эканлигини аллақачон эълон қилган. Ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан жиноятга алоқадорликда гумон қилинган 46 нафар шахс қўлга олинди. Сурия фуқароси Аҳлам Албашир ҳам Истиқлол кўчасида портловчи мослама қолдиргани учун қўлга олинган. ОАВ маълумотларига кўра, сўроқ пайтида аёл Туркияда тақиқланган Курдистон ишчилар партияси билан алоқаси борлигини тан олган.