Ўзбекистон Республикаси Президенти Кремл маъмурияти раҳбари ўринбосари билан музокаралар ўтказди

Шавкат Мирзиёев 19-январ куни Россия Федерацияси раҳбари маъмурияти раҳбари ўринбосари Дмитрий Козак билан музокара ўтказди.

Давлат раҳбари матбуот хизмати хабарига кўра, учрашув аввалида Дмитрий Козак Владимир Путиннинг самимий саломи ва эзгу тилакларини етказган.

– Сўнгги пайтларда олий даражадаги учрашув ва мулоқотларда эришилган келишувлар Ўзбекистон-Россия стратегик шериклигини мустаҳкамлаш ва кўп қиррали муносабатларни кенгайтиришга кучли туртки бергани алоҳида таъкидланди. Савдо ҳажми ортиб бормоқда, саноат кооперациясининг йирик лойиҳалари ва устувор гуманитар дастурлар амалга оширилмоқда”, — дейилади хабарда.

Давлат раҳбари Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги кенг кўламли ҳамкорликни янада ривожлантириш ва салоҳиятини очиш муҳимлигини таъкидлади.

Шунингдек, минтақада содир бўлган воқеалар нуқтаи назаридан Марказий Осиёдаги вазият юзасидан фикр алмашилди.