Ўзбекистон Республикаси Президенти МДҲнинг норасмий саммитида нутқ сўзлайди

Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёев 26-27 декабр кунлари Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига (МДҲ) аъзо давлатлар раҳбарларининг норасмий учрашувида иштирок этиш учун расмий ташриф билан Санкт-Петербургга боради.

Давлат раҳбари матбуот хизмати хабарига кўра, Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин ташаббуси билан ўтказилган тадбир кун тартибидан МДҲ доирасидаги кўп томонлама ҳамкорликни янада кенгайтиришнинг долзарб масалалари ўрин олган.

Ҳамдўстлик мамлакатлари раҳбарлари ўтаётган йилнинг асосий якунларини сарҳисоб қилиши, амалий ҳамкорликнинг устувор йўналишлари бўйича фикр алмашиши кўзда тутилган.

Эслатиб ўтамиз, Владимир Путин Остонадаги саммит чоғида тадбир иштирокчилари – МДҲ давлатлари раҳбарларини 2023-йилда Санкт-Петербургда ўтказиладиган норасмий саммитга таклиф қилган эди.

«Биз Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрини 2023-йилда маданият пойтахти деб эълон қилиш ташаббусини қўллаб-қувватлагани учун миннатдормиз. Ҳамкасбларим ва мен аллақачон муҳокама қилганмиз: 2023 йил арафасида бўлажак маданий пойтахтда норасмий учрашув ўтказиш мумкин эди. Барчангизни мамнуният билан таклиф қиламан», деди Путин ўшанда.

МДҲ таркибига қуйидагилар киради: Ўзбекистон, Озарбайжон, Арманистон, Беларус, Қозоғистон, Қирғизистон, Молдова, Россия, Тожикистон ва Туркманистон.

Кейинроқ Кремл декабр ойи охиригача МДҲ саммитини ўтказишни истисно этмади.