Ўзбекистон Республикаси Президенти Садир Жапаровга ҳамдардлик билдирди

Бугун, 22 август куни Шавкат Мирзиёев Қирғизистон президенти Садир Жапаровга ҳамдардлик билдирди.

Бу ҳақда матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилди.

Унга кўра, Шавкат Мирзиёев Россия Федерациясининг Уляновск вилоятида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида Қирғизистон фуқароларининг ҳалок бўлгани ва жароҳатлангани муносабати билан Садир Жапаровга ҳамдардлик билдирди.

«Давлатимиз раҳбари қардош Қирғизистон халқига чуқур ҳамдардлик билдириб, қурбон бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик ва далда сўзларини етказишни сўради, жароҳатланганларга соғайиб кетишини тилади», — дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, Россиянинг Уляновск вилоятида содир бўлган Йтҳда 16 киши ҳалок бўлган, улардан 14 нафари Қирғизистон фуқароларидир. Уч нафар қирғизистонлик тирик қолган. Уларнинг аҳволи оғир деб баҳоланмоқда.

Микроавтобус том маънода иккита юк машинаси орасига сиқилиб қолган. Қирғизистонликлар билан ҳалокатли автоҳалокатга сабаб бўлган юк машинаси ҳайдовчиси ҳам ҳалок бўлди.

Кейинроқ Қирғизистон президенти Россиянинг Уляновск вилоятида содир бўлган бахтсиз ҳодиса натижасида қирғизистонликлар ҳалок бўлгани муносабати билан мурожаат қилди. Садир Жапаров бу воқеа ҳар бир қирғиз халқини ларзага солганини ва бу тузатиб бўлмайдиган йўқотиш ҳар бир инсоннинг қалбида чуқур оғриқ билан акс этганини таъкидлади.