Ўзбекистон Республикаси Президенти Туркия Президенти ва Туркманистон раисига Туркий тинчлик орденини топширди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев йиғилиш якунларини сарҳисоб қилиб, муҳим қарор ва келишувларга эришилганини таъкидлади.

Туркия Президенти Ражаб Тоййиб Ердўған ва Туркманистон Халқ Маслаҳати Миллий Генгеш раиси Гурбангули Бердимуҳамедовнинг туркий мамлакатлар манфаатлари ва қарашларини халқаро майдонда фаол илгари суриш, туркий оила бирлигини мустаҳкамлашга қўшган алоҳида ҳиссаси қайд этилди. Шу муносабат билан уларни туркий дунёнинг олий ордени билан тақдирлаш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Шавкат Мирзиёев ушбу орденларни Ражаб Тоййиб Ердўғон ва Гурбангули Бердимуҳамедовга топширди.

Маълумки, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Туркий давлатлар ташкилоти доирасида Алишер Навоий номидаги халқаро мукофот таъсис этилган эди. Биринчи мукофот буюк адиб ва жамоат арбоби, туркий халқларнинг яқинлашувига улкан ҳисса қўшган буюк гуманист Чингиз Айтматовга берилди. Ушбу мукофотни Қирғизистон президенти Садир Жапаров қабул қилди.

Ражаб Тоййиб Ердўғон, Гурбангули Бердимуҳамедов ва Садир Жапаров мукофотлар учун миннатдорлик билдириб, Самарқанд саммити халқлар фаровонлиги йўлида жуда самарали бўлганини таъкидлади.