Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Илҳом Алиев ўртасида телефон орқали мулоқот бўлиб ўтди

Президент Шавкат Мирзиёев 23-август куни Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев билан телефон орқали мулоқот қилди.

Суҳбат чоғида икки давлат ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш ва стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилди.

Жорий йилнинг июн ойида бўлиб ўтган олий даражадаги учрашувлар якунлари бўйича эришилган келишувларни амалга ошириш борасидаги сезиларли муваффақиятлар мамнуният билан қайд этилди. Август ойи бошида ҳукуматлараро қўшма комиссиянинг навбатдаги йиғилиши ҳамда Ўзбекистон, Озарбайжон ва Туркия ташқи ишлар, савдо ва транспорт вазирларининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди.

Жорий йилда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 70 фоизга ўсди. Қишлоқ хўжалиги, ипакчилик ва тўқимачилик саноати, машинасозлик, кимё ва бошқа соҳаларда қўшма ҳамкорлик лойиҳаларини амалга ошириш бошланди. Ўзбекистон-Озарбайжон сармоя фондини тезроқ ишга тушириш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Маданий-гуманитар алмашинув кенгаймоқда.

Давлат раҳбарлари амалий ҳамкорликни янада ривожлантириш тарафдори эканликларини билдирдилар. Шу нуқтаи назардан, жорий йилнинг кузида ҳудудлар форуми ва икки мамлакат саноат салоҳияти кўргазмасини ўтказиш муҳимлиги таъкидланди.

Шунингдек, минтақавий кун тартиби юзасидан фикр алмашилди. Бўлажак кўп томонлама учрашувлар, жумладан, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ва Туркий давлатлар ташкилотининг Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган саммитлари жадвали ва кун тартиби кўриб чиқилди.