Президент бошқаруви тизимида кадрлар ўзгариши содир бўлди. Сирдарё вилояти ҳокими давлат раҳбарининг маслаҳатчиси этиб тайинланди.
Бу ҳақда президент матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилди.
Унга кўра, Президентнинг тегишли фармонларига асосан Ғофуржон Мирзаев Президентнинг давлат хизмати, аҳоли билан мулоқот ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятини мувофиқлаштириш масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимига тайинланган, шунингдек, Сирдарё вилояти ҳокими лавозимидан озод этилган.
Ғофуржон Мирзаев 2016-йил декабр ойида Сирдарё вилояти ҳокими этиб тайинланган эди.
1964 йилда Фарғона вилоятида туғилган. 1990-йилда Тошкент политехника институтини, 2000-йилда Тошкент давлат иқтисодиёт университетини, 2003-йилда Президент ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академиясини тамомлаган.
Президентнинг 15 ноябрдаги фармони билан Адлия вазири Русланбек Давлетов Президентнинг ижтимоий-сиёсий ривожланиш масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимига тайинланди.
Шунингдек, Турсинхон Худайбергенов Президентнинг Оролбўйи минтақасини барқарор ривожлантириш масалалари бўйича маслаҳатчиси этиб тайинланди ва шу муносабат билан Президентнинг фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва мурожаатлар билан ишлаш бўйича маслаҳатчиси лавозимидан озод этилди.