Ўзбекистон Республикаси Президентининг Мисрга амалий ташрифи якунлари

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Миср Араб Республикасига расмий ташрифини буюк олим Ахмад Фарғоний мероси билан танишишдан бошлади.

Юртдошимиз ўз даврининг етук астроном, математик ва географ олими бўлиб, Бағдод ва Дамашқда, 856-йилдан Қоҳирада илмий изланишлар олиб бориб, умрининг охиригача шу ерда яшаб, илм ўрганди.

Олим кўплаб муҳим кашфиётлар ва ихтироларга эга. Хусусан, у 861 йилда Рауда оролида қурилган Нил дарёсидаги сув сатҳини ўлчаш учун иншоотни лойиҳалаштирган. Ниломер номи билан машҳур бўлган бу қурилма қишлоқ хўжалиги ишларини режалаштириш ва табиат ҳодисаларини башорат қилишда муҳим рол ўйнади. Деярли 1200 йил давомида бино ўтган асрга қадар ўз мақсади учун ишлатилган. Бугунги кунда у туризм объекти ҳисобланади.

2007 йилда Ниломер ёнидаги боғда Ахмад Фарғоний ҳайкали ўрнатилди. Президентимиз ҳайкал пойига гул қўйиб, буюк бобомиз хотирасига ҳурмат бажо келтирди.

Сўнг давлатимиз раҳбари Ниломерни кўздан кечирди, олимлар билан бунёдкорлик тарихи, Ахмад Фарғонийнинг изланишлари ҳақида суҳбатлашди. Таъкидланганидек, Миср тарихида аждодларимиз ўйнаган ўрни, буюк олимнинг бугунги кунда авайлаб сақланаётган мероси халқларимиз ўртасидаги асрлар оша яқин дўстликдан далолатдир.

Шу куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Миср цивилизацияси миллий музейига ташриф буюрди.

Ҳозир Қоҳиранинг бир қисми бўлган қадимий Фустат шаҳрида жойлашган музей экспозицияси Мисрнинг бой тарихидан ҳикоя қилувчи ноёб экспонатлар тўпламидир. Бу ерда қадим замонлардан то ҳозирги кунгача бўлган даврни ўз ичига олган 50 мингдан ортиқ ашёлар, жумладан, фиръавнлар мумиялари, қироллик тахтлари ва ҳайкаллари, заргарлик буюмлари, шунингдек, уй-рўзғор буюмлари ва ҳунармандчилик буюмлари тўпланган.

Давлатимиз раҳбари бир қанча хронологик ва тематик бўлимларни, жумладан, қадимги, ўрта ва янги подшоликлар, эллинистик, ўрта асрлар ва ислом даврларига бағишланган бўлимларни кўздан кечирди.

Президентимиз Миср заминида содир бўлган турли цивилизациялар осори-атиқаларига катта қизиқиш билан қарар экан, тарих ва маданият бирдек бой меросга эга халқларимизни янада яқинлаштиришнинг муҳим воситаси бўлиб хизмат қилаётганини таъкидлади.

Миср томони вакиллари, ўз навбатида, музейга ташриф буюргани учун Ўзбекистон раҳбарига миннатдорлик билдириб, халқларимизни ўхшашликлари кўп эканини, бу анъаналар дўстлик ва ўзаро ҳамжиҳатлик ришталарини мустаҳкамлашга хизмат қилаётганини таъкидлади.

Шу нуқтаи назардан, икки мамлакат музейлари ва тарихчи олимлари ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, умумий меросимизни биргаликда ўрганиш, ўзаро кўргазмалар ташкил этиш муҳимлиги таъкидланди.

Давлатимиз раҳбари музейнинг Фахрий меҳмонлар китобига ўз ёзувини қолдирди.