Ўзбекистон Республикаси раҳбари Бухоро вилоятида Баҳоуддин Нақшбанд мақбарасини зиёрат қилди

Давлат раҳбари матбуот хизмати хабарига кўра, Баҳоуддин Нақшбанд мақбарасини зиёрат қилиш чоғида Қуръони каримдан суралар ўқилиб, марҳумлар руҳлари шод бўлиши учун Аллоҳ таолога дуо ўқилгани маълум бўлди.

– Барча ҳудудларни кезиб, соҳалар ривожига туртки бўлмоқдамиз, муаммоларни ҳал этишга, халқимизни хурсанд қилишга ҳаракат қиламиз, – деди Шавкат Мирзиёев. – Бугун Бухорога ўз олдимизга янги мақсадлар қўйиш, халқ фаровонлигини ошириш мақсадида келдик. Аллоҳ таоло барча ишларимизда ёрдам берсин.

Президент диний арбоблар билан ҳам суҳбатлашди. Уларнинг суҳбати мавзуси диний таълимни ривожлантириш, жаҳолатга қарши таълим орқали курашиш зарурлиги бўлди.

– Кейинги йилларда барча соҳаларда бўлгани каби диний соҳада ҳам очиқлик ва эркинлик муҳити қарор топди, бир қанча илмий марказлар ташкил этдик. Лекин бундан халқимизга нима фойда? Халқимиз манфаатдор бўлиши учун жамият бу салоҳиятдан хабардор бўлиши керак. Жаҳолатга қарши Бухорий, Мотуридий, Марғиноний каби буюк боболаримиз меросига таяниб, маърифат билан курашиш керак. Бунинг учун диний таълимни амалиёт билан боғлаш, илмий-тадқиқот марказларимизни жаҳон етакчиларига айлантириш зарур”, — деди давлатимиз раҳбари.