Ўзбекистон Республикаси раҳбари Хитой раҳбарига ҳамдардлик билдирди

Шавкат Мирзиёев Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпинга Хитой Халқ Республикасининг собиқ раиси Цзян Цзэмин вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди.

“Мамлакатларимиз ўртасидаги ҳар томонлама алоқаларни, сиёсий, савдо-иқтисодий, сармоявий ва маданий-гуманитар ҳамкорликни мустаҳкамлашга улкан ҳисса қўшган Цзян Цзэминнинг ёрқин хотираси қалбларимизда абадий қолади.”, – дея Президент матбуот хизмати раҳбари Шерзод Асадов давлат раҳбарининг мурожаатидан иқтибос келтирган.

Президент Си Цзиньпин ҳамда марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдирди.

Цзян Цзэмин 2022-йил 30-ноябр куни Шанхайда 96 ёшида вафот этди. Сиёсатчи 1989 йилдан 2002 йилгача Хитой Коммунистик партияси Марказий Қўмитаси Бош котиби бўлган. 1993-йилда Цзян Цзэмин Хитой Халқ Республикаси раиси бўлди ва 2003-йилгача мамлакатни бошқарди. Ўн йил ичида у дунёда Қўшма Штатлардан кейин иккинчи ўринни эгаллаган қудратли иқтисодиётни яратди. Нафақага чиққанидан кейин Цзян Цземин Хитой сиёсатида чуқур иштирок этди.

ОАВ маълумотларига кўра, Хитойнинг собиқ раҳбарининг ўлимига лейкемия ва ички органларнинг функционал етишмовчилиги сабаб бўлган.