Ўзбекистон Республикаси раҳбари Эрон Президенти Иброҳим Раисийга ҳамдардлик билдирди

Бугун, 1 август куни Шавкат Мирзиёев Эрон президенти Иброҳим Раисийга мамлакатда юз берган табиий офатлар муносабати билан ҳамдардлик билдирди.

Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилди.

“Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Эрон Президенти Иброҳим Раисийга ушбу мамлакатнинг қатор ҳудудларида содир бўлган ва кўплаб қурбонлар ва вайронагарчиликларга олиб келган кучли сув тошқинлари муносабати билан ҳамдардлик билдирди”, — дейилади хабарда.

Давлатимиз раҳбари ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик ва қўллаб-қувватлаш сўзларини изҳор этди, жароҳатланганларнинг тезроқ соғайиб кетишини тилади.

Тасним агентлигининг Эроннинг инқирозни бошқариш ташкилотига таяниб хабар беришича, Эронда муссон ёмғирлари дарёларнинг тошиши ва тошқинларга олиб келди, натижада 69 киши ҳалок бўлди.

Унга кўра, яна 45 киши бедарак ё‘қолган, улардан уч нафари Ироқ фуқароси. Қидирув-қутқарув операцияси давом этар экан, қурбонлар сони ортиши кутилмоқда.

Қайд этилишича, муссон ёмғирлари ва сув тошқинлари Эроннинг 31 вилоятидан 20 тасида 111 та шаҳар ва 310 та қишлоқни қамраб олган.