Ўзбекистон Республикаси раҳбари МДҲнинг норасмий саммитида иштирок этади

Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо давлатлар раҳбарлари 28 декабр куни Санкт-Петербургда бўлиб ўтадиган анъанавий норасмий учрашувда йиғилишади.

Бу ҳақда Кремл матбуот хизмати хабар берди.

МДҲ давлатлари раҳбарларининг учрашуви Россия президенти Владимир Путин ташаббуси билан бўлиб ўтади.

Тадбирда Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев, Арманистон Бош вазири Никол Пашинян, Беларус Президенти Александр Лукашенко, Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Токаев, Қозоғистон Биринчи Президенти Нурсултон Назарбоев, Қирғизистон Президенти Садир Жапаров, Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон, Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов ва Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков декабр ойи охирида Санкт-Петербургда МДҲ давлатлари президентларининг шахсий учрашувига тайёргарлик коʻрилганини тасдиқлаган эди.

Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги СССР парчаланганидан кейин 1991 йилда ташкил топган. МДҲга ҳозирда тўққиз давлат – Озарбайжон, Арманистон, Беларус, Қозоғистон, Қирғизистон, Молдова, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистон киради.