Ўзбекистон Республикаси раҳбари Жапаров ва Раҳмонга чегарадаги можаро муносабати билан ҳамдардлик билдирди

Шавкат Мирзиёев бугун, 20-сентабр куни телефон орқали мулоқотда Қирғизистон ва Тожикистон президентларига ҳамдардлик билдирди.

Давлат раҳбари матбуот хизмати хабарига кўра, 20-сентабр куни Шавкат Мирзиёев ва Қирғизистон Республикаси Президенти Садир Жапаров ўртасида телефон орқали мулоқот бўлиб ўтган.

“Давлат раҳбарлари яқинда қирғиз-тожик чегарасида содир бўлган фожиали воқеалар юзасидан фикр алмашдилар. Президент ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдирди, шунингдек, вазиятни юмшатиш бўйича икки томонлама келишувларга эришилганини самимий қутлади”, — дейилади хабарда.

Шунингдек, Ўзбекистон ва Қирғизистон раҳбарлари Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити дастури доирасида ўтказилган тадбирларнинг самарали натижаларини муҳокама қилдилар. Ҳамкорликнинг устувор лойиҳалари, жумладан, Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йули қурилиши лойиҳасини илгари суриш бўйича келишувларни амалий амалга ошириш муҳимлиги алоҳида қайд этилди.

Бундан ташқари, Шавкат Мирзиёев Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон билан телефон орқали мулоқот қилди.

Икки давлат раҳбарлари Тожикистон-Қирғизистон чегарасида содир бўлган сўнгги фожиали воқеалар билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилдилар. Давлат раҳбари инсонларнинг ҳалок бўлгани муносабати билан чуқур ҳамдардлик билдирди. Вазиятни нормаллаштириш бўйича эришилган келишувлар мамнуният билан қайд этилди.

Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Самарқанд саммити ва унинг доирасида ўтказилган икки томонлама учрашувнинг асосий якунлари юзасидан фикр алмашилди.