Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Озарбайжоннинг Лондондаги элчихонасига уюштирилган ҳужумни қоралади

ТИВ матбуот хизмати хабарига кўра, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги 2022-йил 4-август куни Озарбайжон Республикасининг Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллигидаги элчихонасига уюштирилган провокацион ҳужумни кескин қоралайди.

«Биз дипломатик ваколатхоналар аъзоларининг ҳаёти ва соғлиғига таҳдид соладиган ҳар қандай хатти-ҳаракатларни мутлақо қабул қилиб бўлмас деб ҳисоблаймиз», — дейилади баёнотда.

Ташқи ишлар вазирлиги ушбу ҳодисани кенг қамровли текшириш ва барча алоқадорларни жавобгарликка тортишга чақирди.

«Ўзбекистон томони хориждаги фуқароларининг хавфсизлиги ва ҳимоясини таъминлашда қардош Озарбайжонни қўллаб-қувватлашини билдиради», — дея хулоса қилди ТИВ.

4 август куни Озарбайжоннинг Лондондаги элчихонаси радикал диний гуруҳ томонидан ҳужумга учради.

Озарбайжон ТИВ матбуот хизмати гуруҳ аъзолари элчихона биносига бостириб кириб, вандализм ҳаракатини содир этганини маълум қилди. Бинонинг балконига диний байроқларни кўтарган бир гуруҳ одамлар радикал диний шиорларни айтишди. Гуруҳ аъзолари маҳаллий полициянинг аралашувидан сўнг бинодан олиб чиқиб кетилган ва қўлга олинган. Ҳодиса оқибатида элчихона ходимлари жабрланмаган. Воқеа маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан текширилмоқда.

Британия матбуотига кўра, Озарбайжоннинг Лондондаги элчихонасига уюштирилган ҳужум учун жавобгарликни шиа экстремистик ташкилоти Маҳдий хизматчилар иттифоқи ўз зиммасига олган.

Бу Лондонда жойлашган шиа мусулмон ташкилоти бўлиб, ўз веб-сайтида «цивилизация ҳукмронлигини» ўрнатмоқчи эканлигини даъво қилмоқда. Унинг раҳбари Ёсир ал-Хабиб мунозарали руҳоний бўлиб, унинг ислом тарихини талқин қилгани учун баъзи сунний мусулмонлар норозилик билдирганидан сўнг, шу йил бошида «Самовий хоним» филми Британия кинотеатрларидан олиб ташланган эди.

Гуруҳ аъзолари Озарбайжон ҳукуматининг мамлакатдаги баъзи шиа мусулмонларини таъқиб қилаётганига ишора қилмоқда. Гуруҳ баёнотида айтилишича, унинг раҳбари Озарбайжон президенти Илҳом Алиевга қарши «шошилинч чора кўриш» бўйича кўрсатма берган, деб хабар берди Metro.

Кейинроқ Озарбайжон нашрлари ҳужумга алоқадорликда гумон қилиниб, саккиз киши ҳибсга олингани, ҳодиса вақтида ҳеч ким жабрланмагани ҳақида хабар тарқатди. Полиция воқеа жойига маҳаллий вақт билан соат 16:30 да етиб келган.