Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Озарбайжоннинг Теҳрондаги элчихонасига уюштирилган ҳужумга изоҳ берди

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Озарбайжоннинг Теҳрондаги элчихонасига қуролли ҳужум уюштирилгани муносабати билан расмий баёнот берди.

«Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги 2023-йил 27-январ куни Озарбайжон Республикасининг Теҳрондаги элчихонасига уюштирилган қуролли ҳужумни кескин қоралайди», — дейилади хабарда.

Ташқи ишлар вазирлиги марҳумнинг яқинларига чуқур ҳамдардлик билдириб, жароҳат олганларнинг тезроқ соғайиб кетишини тилади.

«Умид қиламизки, ушбу ҳодисани ҳар томонлама ўрганиш натижаларига кўра барча айбдорлар жавобгарликка тортилади», — дея хулоса қилди матбуот хизмати.

Аввалроқ Ўзбекистон ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Бахтиёр Саидов Озарбайжон ТИВ раҳбари Жейҳун Байрамовга қўнғироқ қилгани хабар қилинганди.

Эслатиб ўтамиз, 27-январь, жума куни эрталаб Озарбайжоннинг Теҳрондаги элчихонасига ҳужум уюштирилган.