Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари ЕХҲТ Вазирлар кенгашининг 29-йиғилишида

Владимир Норов ЕХҲТ Вазирлар кенгашининг 29-йиғилишидаги нутқи чоғида минтақа тараққиёти ва хавфсизлиги истиқболлари қўшни Афғонистонда тинчликни таъминлаш билан узвий боғлиқлигини таъкидлади.

«Биз уни изоляция қилишнинг олдини олишни жуда муҳим деб биламиз. Жорий йилнинг 26 июл куни Тошкентда бўлиб ўтган Афғонистон бўйича халқаро конференция жаҳон ҳамжамиятининг афғон халқига тинч-осойишта ҳаётни тиклашга кўмаклашишдан манфаатдор эканини намоён этди. Ишончимиз комилки, халқаро ҳамжамиятнинг устувор вазифалари инсонпарварлик фалокатининг олдини олиш, иқтисодиётни тиклаш ва Афғонистонни минтақавий савдо-иқтисодий алоқаларга интеграция қилиш, бу мамлакатда муҳим инфратузилма ва ижтимоий лойиҳаларни амалга ошириш бўлиши керак», — деди у.

Унинг фикрича, стратегик муҳим лойиҳа – «Термиз – Мозори Шариф – Кобул – Пешовар» темир йўл коридорини яратиш Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш, Афғонистонни иқтисодий соҳага жалб этиш ҳамкорлик ва уни бу икки минтақани боғловчи кўприкка айлантириш учун катта имкониятлар очади.

ТИВ раҳбарининг фикрича, Ўзбекистон Президентининг БМТ шафелигида халқаро музокаралар гуруҳини тузиш ташаббусини амалга ошириш Афғонистон ҳукумати билан босқичма-босқич алгоритмни ишлаб чиқиш, жаҳон ҳамжамияти томонидан белгиланган мажбуриятларни бажариш ва келишиш учун ниҳоятда зарур платформа яратади.

Норов, шунингдек, Ўзбекистон Афғонистонни ижтимоий-иқтисодий тиклаш ва инсонпарварлик ёрдамига катта ҳисса қўшаётганини эслатди.

«Биз ЕХҲТ бўйича ҳамкорларимизга Термиз шаҳридаги халқаро транспорт-логистика хабидан узоқ вақт азоб чекаётган афғон халқига гуманитар ёрдам кўрсатиш учун фойдаланишни таклиф қиламиз. Шунингдек, сизларни Афғонистон иқтисодиёти учун мутахассислар тайёрлаш бўйича Термиз шаҳрида таълим кластерини ташкил этишни қўллаб-қувватлашга чақирамиз», — дея якунлади у.