Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари Европа Иттифоқи мамлакатлари элчилари билан учрашди

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Владимир Норов Европа Иттифоқига аъзо давлатларнинг дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари билан учрашди.

ТИВ матбуот хизмати хабарига кўра, учрашув чоғида Европа томонига Ўзбекистонда кутилаётган конституциявий ислоҳотлар, мамлакатнинг асосий қонунчилигига таклиф этилаётган ўзгартиришларнинг моҳияти ва мазмуни ҳақида батафсил маълумот берилди.

Ўзбекистон билан Европа Иттифоқи ўртасидаги ҳамкорлик кенг кўламли умумий манфаатлар бўйича изчил ривожланиб бораётгани қайд этилди. Томонлар Ўзбекистон Республикаси билан Европа Иттифоқи ўртасида Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги Битимнинг яқинда парафланганини олқишладилар.

Бундан ташқари, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларда Ўзбекистон-Европа ҳамкорлигини кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди. Европа томони ўзаро савдони диверсификация қилиш, шунингдек, Ўзбекистонда касб-ҳунар таълими соҳасини ривожлантиришга кўмаклашишга тайёрлигини билдирди.

2022-йил ноябр ойида Самарқанд шаҳрида «Европа Иттифоқи – Марказий Осиё» форматида ўзаро боғлиқлик масалаларига бағишланган вазирлар конференцияси ва ташқи ишлар идоралари раҳбарларининг учрашувини муваффақиятли ўтказиш муҳимлиги таъкидланди.

Европа томони, шунингдек, Чехиянинг ЕИ Кенгашига раислигининг 2022-йилнинг иккинчи ярмидаги устувор йўналишларини тақдим этди, унда Марказий Осиё давлатлари билан муносабатларни ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилади.