Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги: Украинадаги ҳарбий ҳаракатларни зудлик билан тўхтатиш зарур

Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатининг 24-ялпи мажлисида сўзга чиққан ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Украинадаги вазият ҳақидаги саволга жавоб берди.

“Биринчидан, Украина атрофидаги вазият Ўзбекистонда жиддий хавотир уйғотмоқда. Иккинчидан, биз бу вазиятга тинч йул билан ечим топиш, низони сиёсий-дипломатик йўллар билан ҳал этиш тарафдоримиз. Лекин бунинг учун, биринчи навбатда, зудлик билан жанговар ҳаракатлар ва зўравонликни тўхтатиш зарур”, — деди Абдулазиз Комилов.

“Ўзбекистон тарихан ҳам Россия, ҳам Украина билан анъанавий ҳар томонлама алоқаларга эга. Биз бу икки давлат билан миллий манфаатларимиздан келиб чиққан ҳолда ўзаро манфаатли ҳамкорликни давом эттирамиз. Бир томондан, Россия Ўзбекистоннинг етакчи савдо шериги, биз у билан стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларига эгамиз. Бошқа томондан, биз Украина билан кўплаб соҳаларда, жумладан, савдо-иқтисодий, маданий-маърифий, қишлоқ хўжалиги соҳаларида ҳамкорлик қилмоқдамиз”, — деди ТИВ раҳбари.

“Ўтган йили Украина билан товар айирбошлаш ҳажми 704 миллион доллардан ошди, бу 2020-йилга нисбатан 60 фоизга кўпдир. Жорий йилги ҳамкорлик Тошкент ва Украинада турли тадбирлар режасини ўз ичига олган. 2021-йилда Тошкент ва Киев ўртасида ҳаво қатнови тикланди, ҳар ҳафтада 4 та рейс амалга оширилди”, — дея эслатди вазир.

“Ушбу оғир кунларда биз Украинага инсонпарварлик ёрдамини албатта кўрсатамиз. Қийин вазиятни инобатга олиб, биз бу ёрдамни кўрсатишда давом этамиз”, – деб ишонтирди Абдулазиз Комилов. Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Украинанинг Тошкентдаги элчиси Ўʻзбекистонга 28 тонналик инсонпарварлик ёрдами учун миннатдорчилик билдирган эди.

“Ўзбекистон Украинанинг мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини тан олади. Биз Луганск ва Донецк халқ республикаларини тан олмадик”, деб таъкидлади ТИВ раҳбари.

Абдулазиз Комилов шундай деб эслади: “Ташқи сиёсат консепциясига кўра, Ўзбекистон ҳеч қандай ҳарбий-сиёсий блокларда иштирок этмайди, ҳарбийларимиз хориждаги ҳарбий можароларга аралашмайди. Бу парламент томонидан тасдиқланган қонунда назарда тутилган”.