Ўзбекистон Республикасида бизнес-омбудсманнинг бюджетдан ташқари жамғармаси тасдиқланди

Вазирлар Маҳкамасининг “Бюджетдан ташқари жамғармани ташкил этиш тўғрисида”ги қарори

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил аппарати.

Ҳужжатга мувофиқ, бизнес-омбудсман аппаратининг бюджетдан ташқари жамғармаси ташкил этилиб, тегишли низом тасдиқланди, деб ёзади Норма.

Жамғарма маблағлари қуйидагиларга сарфланади:

· бизнес-омбудсман аппаратининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш;

· ходимларни моддий рағбатлантириш ва уларнинг малакасини ошириш.

Жамғарма маблағларини шакллантириш манбалари қуйидагилардан иборат:

· бизнес-омбудсман ўз юрисдиктсиясига кирувчи маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар бўйича қўлланиладиган жарималар ва бизнес-омбудсман томонидан тузилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги баённомалар асосида судлар томонидан қўлланиладиган жарималар суммаларининг 100%;

· техник ёрдам воситалари, халқаро, хорижий давлат ва нодавлат ташкилотларининг грантлари;

· жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлиги;

· бўш пул маблағларини тижорат банкларидаги депозитларга жойлаштиришдан олинган даромадлар.

Жамғарма маблағларини бошқариш ва сарфлаш тўғрисида қарорлар қабул қилиш бизнес-омбудсман раислигидаги фонд кенгаши томонидан амалга оширилади.

Маълумот учун: бизнес-омбудсман 9 турдаги маъмурий ҳуқуқбузарликлар бўйича ишларни кўриб чиқиш ҳуқуқига эга, жумладан, хусусий мулкка бўлган ҳуқуқни бузиш, тадбиркорлик субъектларини ноқонуний текширишлар, уларни ҳомийликка мажбурлаш ва бошқалар каби ҳуқуқбузарликлар.