Ўзбекистон Республикасида инвестициялар вазирининг Европа Иттифоқи делегацияси раҳбари билан учрашуви бўлиб ўтди

Бугун, 30 январ куни Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов Европа Иттифоқининг Ўзбекистон Республикасидаги Делегацияси раҳбари Шарлотта Адриан билан учрашди.

Кун тартибида савдо-иқтисодий ва сармоявий соҳалардаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши доирасидаги ўзаро ҳамкорлик ва томонларни қизиқтирган бошқа масалалар муҳокама қилинди.

Мулоқот чоғида ўзаро товар айирбошлашнинг ўсиш динамикаси таъкидланди, унинг ҳажми 2022-йилда 15,7% га ошиб, 4,4 миллиард долларни ташкил этди. Европа Иттифоқининг Ўзбекистон билан савдо ҳажми бўйича етакчи бешталигига Германия, Литва, Италия, Полша ва Франция киради. Ўсиш тенденциялари, жумладан, Ўзбекистоннинг GSP+ умумий имтиёзлар тизимининг бенефитсиари мақомини олиши билан боғлиқ бўлиб, бунинг натижасида мамлакатимизнинг Европа Иттифоқи бозорига экспортини ўтган йилга нисбатан қарийб 50 га ошириш ва диверсификация қилиш мумкин бўлди.

Европа томони мамлакатимизнинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёнида, хусусан, Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилган “Ўзбекистоннинг ЖСТга кириш жараёнига коʻмаклашиш” лойиҳасини амалга ошириш орқали кўрсатилган техник ва маслаҳат ёрдами учун миннатдорлик билдирди.

Алоҳида тартибда икки томонлама молиявий ва техник ҳамкорликнинг асосий йуналишларини кенгайтириш имкониятлари кўриб чиқилди. Хусусан, 2021-2024 йилларга мўлжалланган Европа Иттифоқининг Ўзбекистон бўйича янги кўп йиллик индикатив дастури ижроси кўриб чиқилиб, унга кўра 76 миллион евро ажратилди. Дастурнинг Янги Ўзбекистонни ривожлантириш стратегиясига мувофиқлиги, жумладан, “яшил” иқтисодиётга ўтиш, самарали давлат бошқаруви, қишлоқ хўжалигини қўллаб-қувватлаш ва бошқа соҳаларга алоҳида эътибор қаратилди.

Учрашув якунлари бўйича томонлар устувор йуналишлар бўйича ҳамкорликни янада кенгайтириш ва кўп қиррали икки томонлама муносабатларни сифат жиҳатидан янги ривожланиш босқичига олиб чиқишга интилишларини тасдиқладилар.