Ўзбекистон санкцияланган товарлар учун транзит мамлакатлар рўйхатига киритилди

АҚШ Молия вазирлиги Ўзбекистонни санкции қўйилган товарлар Россия ва Беларусга олиб кириши мумкин бўлган давлатлар қаторига киритди.

Рўйхат АҚШ Ғазначилик департаментининг икки боʻлими – Молиявий жиноятларга қарши кураш тармоғи (FinCEN) ва Саноат ва хавфсизлик бюроси (BIS) тавсияларида эълон қилинган.

Департаментлар молия институтларини Россиянинг Украинага бостириб кириши муносабати билан жорий қилинган “жисмоний ёки юридик шахсларнинг экспорт назоратидан қочишга уринишларига қарши ҳушёр бўлишга” чақирмоқда.

Ўзбекистондан ташқари, Грузия, Арманистон, Бразилия, Хитой, Ҳиндистон, Исроил, Қозоғистон, Қирғизистон, Мексика, Никарагуа, Сербия, Сингапур, Жанубий Африка, Тайван, Тожикистон, Туркия ва Бирлашган Араб давлатлари ҳам санкция қўйилган товарларни транзит ўтказувчи давлатлар рўйхатига киритилган.

Қайд этилишича, назорат қилинадиган товарлар қонуний равишда ушбу давлатларга хомашё сифатида экспорт қилиниши мумкин, бироқ уларни кейинчалик Россия Федерацияси ёки Беларусга “қўшимча юк ташиш пунктлари туфайли” экспорт қилиш айрим ҳолларда тақиқланади.

BIS ҳарбий мақсадларда ишлатилиши мумкин бўлган алоҳида ташвишли нарсаларни санаб ўтади: самолёт қисмлари, сонар тизимлари, антенналар, спектрофотометрлар, синов ускуналари, GPS тизимлари, вакуум насослари ва нефт конлари ускуналари.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Россия Федерацияси ҳарбий-саноат комплексини қўллаб-қувватлаган Ўзбекистон компаниясига нисбатан санкциялар жорий этгани ҳақида хабар берилганди.