Ўзбекистон Сент-Винсент ва Гренадин ороллари билан дипломатик муносабатлар ўрнатган

10-май куни Нью-Йоркда икки давлатнинг БМТдаги доимий вакиллари дипломатик муносабатлар ўрнатиш тўғрисида қўшма коммюнике имзолади.

Сент-Винсент ва Гренадин ороллари Кариб денгизининг ғарбий қисмида жойлашган Британия Ҳамдўстлиги давлатидир. Унинг ҳудуди Сент-Винсент ороли ва Кичик Антил ороллари архипелагидаги Гренадинларнинг 32 та кичик оролларидан иборат.

Мамлакат БМТ фаолиятида фаол иштирок этади: 2020-2021 йилларда Хавфсизлик Кенгашининг нодоимий аъзоси, 2018-2019 йилларда эса ташкилотнинг Иқтисодий ва ижтимоий кенгашининг раиси бўлган.

Икки мамлакат ҳукуматлари номидан коммюникени Ўзбекистоннинг БМТдаги доимий вакили, элчи Бахтиёр Ибрагимов ҳамда Сент-Винсент ва Гренадинларнинг БМТдаги доимий вакили Инга Ронда Кинг имзолади.

Ҳар икки давлат халқаро ташкилотлар, жумладан, БМТ доирасидаги ҳамкорликни кучайтириш, доимий алоқаларни давом эттириш ниятида.

«Мен Нью-Йоркда дипломат сифатида қарийб 9 йилдан буён бўлдим ва Ўзбекистоннинг айниқса сўнгги беш йил ичида жадал ривожланиши, жумладан, БМТ жараёнларидаги фаол иштироки ва чуқур иштирокининг гувоҳи бўлганимни алоҳида таъкидламоқчиман. Ўзбекистонлик ҳамкасбим билан дипломатик муносабатлар ўрнатиш тўғрисида Қўшма коммунике имзолаш ўз мамлакатим вакили сифатида мен учун катта шараф», деди Сент-Винсент ва Гренадин оролларининг БМТдаги доимий вакили Инга Ронда Кинг  «Дунё» ахборот агентлигига берган интервьюсида.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон дипломатик муносабатлар ўрнатган аввалги давлат Сент-Киц ва Невис федерацияси бўлган. Ушбу ҳужжат 2022-йил 9-мартда имзоланган.