Ўзбекистон ШҲТнинг антитеррор тузилмасини бошқармоқда

2022-йил бошидан буён Ўзбекистон вакили ШҲТнинг антитеррор тузилмаси директори лавозимини эгаллади.

Руслан Мирзаев Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Минтақавий антитеррор тузилмаси (ШҲТ МАТТ) ижроия қўмитаси директори лавозимига киришди, деб хабар бермоқда ТИВ матбуот хизмати.

“Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов 1 январ куни Тошкент шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Минтақавий антитеррор тузилмаси ижроия қўмитаси директори лавозимини эгаллаган Руслан Мирзаевни қабул қилди”, — дейилади хабарда.

Давлат тузилмасидан маълум қилишларича, учрашув чоғида ШҲТ МАТТ доирасидаги ҳамкорликнинг долзарб масалалари, шунингдек, аввал эришилган келишувларни амалга ошириш ва турли даражадаги бўлажак тадбирлар жадвали муҳокама қилинди.

Мирзаев 2005-2008-йилларда Ўзбекистон мудофаа вазири, 2018-2020-йилларда чегара қўшинлари қўмондони, республика Давлат хавфсизлик хизмати раиси ўринбосари лавозимларида ишлаган. Мазкур тузилма ижроия қўмитаси директори сифатида у 2019-йил январидан ШҲТ МАТТга раҳбарлик қилиб келаётган Тожикистон вакили Жумахон Ғиёсовни алмаштирди.