Ўзбекистон ташқи ишлар вазири АҚШ Давлат котиби ёрдамчиси билан учрашди

Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги Стратегик шериклик мулоқотининг биринчи йиғилиши доирасида Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари Америка томони билан музокаралар ўтказди.

2021-йилнинг 13-декабр куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Америка Қўшма Штатлари Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича ёрдамчиси Доналд Лу билан учрашди.

Мулоқот чоғида икки томонлама ҳамкорликнинг долзарб масалалари, шунингдек, халқаро ва минтақавий сиёсат кўриб чиқилди. Томонлар ўзаро ҳурмат ва бир-бирининг манфаатларини ҳисобга олиш тамойилларига асосланган конструктив мулоқотни фаол ривожлантиришга ўзаро тайёр эканликларини билдирдилар.

Америка томони янги Ўзбекистонда демократик ўзгаришлар ва ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар дастурини қўллаб-қувватлашини маълум қилди.

АҚШ вакили Ўзбекистоннинг афғон халқига кўмаклашиш ва турли соҳалардаги лойиҳаларни илгари суриш борасидаги саъй-ҳаракатларини ҳам юқори баҳолади.