Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири ўринбосари ва Қатар Давлати элчиси ўртасида учрашув бўлиб ўтди

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири ўринбосари Баҳромжон Алоев Қатар Давлатининг Фавқулодда ва Мухтор элчиси Хасан Хамза Ҳошим билан учрашиб, икки томонлама муносабатларни изчил мустаҳкамлаш, турли соҳалардаги ҳамкорлик имкониятларини муҳокама қилди.

Томонлар, шунингдек, сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва бошқа муҳим соҳалардаги ҳамкорликни фаоллаштириш имкониятлари юзасидан фикр алмашдилар.

Улар Ўзбекистон ва Қатар ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлашга қаратилган олий ва юқори даражадаги тадбирлар жадвалини келишиб олдилар.

Суҳбат чоғида икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни яхшилаш ва кенгайтириш бўйича таклифлар кўриб чиқилди.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири ўринбосари ва Қатар Давлатининг Фавқулодда ва мухтор элчиси икки томонлама мустаҳкам алоқалар муҳимлигини таъкидлаб, бу борадаги ишларни давом эттиришга ваъда берди.