Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари МДҲ ижрочи котиби билан музокара ўтказди

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов ва МДҲ ижрочи котиби Сергей Лебедев Ҳамдўстлик давлатлари саммити якунларини муҳокама қилишди.

Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Сергей Лебедев Ўзбекистонга 24-октабрда бўладиган президент сайловлари учун МДҲ кузатувчилари миссияси бошлиғи этиб келди.

«Учрашувда Ҳамдўстлик делегатсиясининг юборилиши МДҲ ҳамкорларининг Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва ўзгаришларга бўлган катта қизиқишининг тасдиғи эканлиги қайд этилди», — дейилади матбуот хизмати хабарида.

Томонлар мамлакатда сайлов қонунчилигида олиб борилаётган ислоҳотлар, парламент ва сиёсий партиялар ролини фаоллаштириш, сиёсий жараёнларда жамоатчилик назоратини кучайтириш масалаларини муҳокама қилишди.

Шунингдек, дипломатлар яқинда бўлиб ўтган МДҲ саммити натижалари ва Ҳамдўстлик доирасида эришилган келишувларнинг бажарилиши ҳақида гаплашдилар.

МДҲ Ижроия қўмитаси раҳбари Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси раиси Зайниддин Низамхўжаев билан ҳам учрашди.