Ўзбекистон ва Қатар коррупцияга қарши курашни кучайтирмоқда: Бош прокуратура ўртасида меморандум имзоланди

Ўзбекистон ва Қатар Бош прокуратуралари коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ҳамкорликка қаратилган англашув меморандумини имзоладилар.

Ўзбекистон делегациясининг Қатарга ташрифи доирасида Ўзбекистон Бош прокурори Ниғматилла Йўлдошев Қатарлик ҳамкасби Иссой бин Саад Ал Жафали Ал Нуайми билан учрашди.

Икки мамлакат ҳуқуқ-тартибот идоралари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Учрашув иштирокчилари замонавий чақириқ ва таҳдидларга қарши курашда саъй-ҳаракатларни бирлаштириш, жумладан, идоралараро ҳамкорликнинг ҳуқуқий асосларини кенгайтириш муҳимлигини таъкидладилар.

Тадбир давомида Қатар томони прокуратура органлари фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш бўйича ўз тажрибасини тақдим этди, бу эса коррупцияга қарши янада самарали курашишга хизмат қилмоқда.

Учрашув якунлангач, томонлар ўзаро англашув меморандумини имзоладилар. Ўтган йил охирида Қатар Амири Шайх Тамим бин Хамад Ал Тоний амалий ташриф билан Тошкентга келганини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Ушбу ташриф доирасида коррупцияга қарши кураш соҳасида у томонидан таъсис этилган халқаро мукофотни топшириш маросими бўлиб ўтди. Ўзбекистон Президенти билан биргаликда халқаро ҳамжамиятнинг коррупцияга қарши курашига бағишланган монументи очилди.