Тошкентда Ўзбекистон ва Грузия ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг тўққизинчи мажлиси бўлиб ўтди.
Йиғилишда икки давлатнинг тегишли вазирлик, идоралари ва ишбилармон доиралари вакиллари иштирок этди.
Йиғилишни Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари Жамшид Хўжаев ва Грузия Бош вазири ўринбосари, Иқтисодиёт ва барқарор ривожланиш вазири Леван Давиташвили олиб борди.
Ҳукуматлараро мулоқот доирасида Ўзбекистон ва Грузия ўртасидаги сармоявий, саноат, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Томонлар сўнгги 6 йил ичида қарийб икки баробар ошган товар айирбошлаш ҳажмининг ижобий динамикаси, шунингдек, сўнгги бир йилда Ўзбекистон ва Грузия ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 30 фоиздан ортиқ ошганини қайд этдилар.
Томонлар келгуси йилларда ҳамкорликни янада ривожлантириш ва товар айирбошлаш ҳажмини 500 миллион долларга етказишга келишиб олдилар.
Бунинг учун 2023-2024 йилларга мўлжалланган Савдо-иқтисодий ҳамкорликни чуқурлаштириш бўйича амалий чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш, жумладан, ўзаро савдо миссиялари ва икки мамлакат саноат салоҳияти кўргазмаларини ташкил этиш таклиф этилди.

Фото: Учрашувда икки давлатнинг тегишли вазирлик, идоралари ва ишбилармон доиралари вакиллари иштирок этди.
Грузия ва Ўзбекистоннинг барча ҳудудлари иштирокида қўшма лойиҳа ва ташаббусларда ҳудудлараро шерикликни мустаҳкамлаш муҳокама қилинди.
Бунинг учун Самарқанд ва Батуми, шунингдек, Бухоро ва Мцхета ўртасида икки томонлама ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш таклиф этилди.
Шунингдек, илғор фармацевтика маҳсулотлари, тайёр қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, минерал ўғитлар ишлаб чиқариш, шунингдек, алкоголли маҳсулотлар ишлаб чиқариш кластерларини ташкил этиш бўйича ҳам салоҳиятли қўшма лойиҳалар кўриб чиқилди.
Томонлар транспорт-логистика соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга, хусусан, Боку-Тбилиси-Карс транспорт йўлаги ва Грузиянинг ривожланган Қора денгиз порти инфратузилмасидан фойдаланишни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратдилар.