Ўзбекистон ва Қирғизистон Республикаси паспорт назоратини осонлаштиришга келишиб олди

Ўзбекистон Республикаси ва Қирғизистон фуқаролари ID-картасини кўрсатиш орқали икки давлат чегарасидан ўтишлари мумкин бўлади.

Қирғизистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Айбек Ортиқбоев бу ҳақда Шавкат Мирзиёевнинг 9 декабр куни Бишкекга ташрифи чоғида протокол имзоланишини айтди.

Ўзбекистон ва Қирғизистон чегарани кесиб ўтишда паспорт назоратини осонлаштиришга келишиб олди. Бу ҳақда Жогорку Кенеш (Қирғизистон парламенти)нинг халқаро ишлар, мудофаа, хавфсизлик ва миграция бўйича қўмитаси йиғилишида ташқи ишлар вазири ўринбосари Айбек Ортиқбоев маълум қилди.

Унга кўра, ҳар икки давлат фуқаролари ID-картасини кўрсатиш орқали чегарадан ўтишлари мумкин бўлади. 16 ёшгача бўлган фуқаролар чегарани кесиб ўтишда паспортни тақдим этадилар.

«Тегишли баённома Ўзбекистон Президентининг 9 декабр куни Қирғизистонга давлат ташрифи чоғида имзоланади», — деди вазир ўринбосари.

Ташриф арафасида икки давлат давлат чегарасининг алоҳида участкалари тўғрисидаги шартнома ва Андижон (Кемпир-Обод) сув омборини биргаликда бошқариш тўғрисидаги шартномани ратификация қилди. Шундай қилиб, қўшма чегара чизиғини делимитация қилиш тугалланди.