Ўзбекистон ва Эрон ташқи ишлар вазирларининг учрашуви бўлиб ўтди

Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгаши мажлисида Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов ва Эрон Ислом Республикаси ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абдуллоҳиян ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Икки томонлама форматда ва минтақавий институтлар, жумладан, ИҲТ доирасидаги Ўзбекистон-Эрон муносабатларининг бугунги ҳолати ва янада ривожлантириш истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.

Бўлажак мулоқотлар жадвали, ташкилий ва мазмунли жиҳатлари, шунингдек, Ўзбекистон ва Эрон ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги маслаҳатлашувларнинг навбатдаги раунди муҳокама қилинди.

Халқаро ва минтақавий сиёсат масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Савдо, транспорт ва логистика соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш бўйича қўшма чора-тадбирлар кўриш муҳимлиги қайд этилди.

Эрон ташқи ишлар вазири Ўзбекистон томонини Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотига самарали раислик қилаётгани ва ИҲТ вазирлар кенгаши мажлиси муваффақиятли ўтгани билан табриклади.