Ўзбекистон ва Эрон транспорт ва логистика соҳасида ҳамкорлик қилади

Транспорт ва логистика соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган Ўзбекистон-Эрон муносабатлари доирасида транспорт вазири Илҳом Маҳкамов Эрон йўл ва шаҳарсозлик вазири Меҳрдод Базрпош билан учрашди.

Томонлар транспорт-транзит соҳасини мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорликнинг муҳим ва стратегик соҳаси сифатида қайд этдилар.

Учрашувда Эроннинг жанубий ва шимолий портлари имкониятларидан самарали фойдаланиш, «Шимол-Жануб» транспорт йўлаги бўйлаб ташишни фаоллаштириш, тарифларни пасайтириш ҳамда автомобил ва темир йўл транспортида ташишни осонлаштириш масалалари муҳокама қилинди.

Меҳрдод Базрпош Ўзбекистон билан мултимодал ташувлар ва транзит ташувларини ривожлантириш соҳасида ҳамкорлик қилишга тайёрлигини маълум қилди. Томонлар, шунингдек, транспортнинг барча йўналишлари бўйича ҳамкорликни ривожлантириш режасини ва Ашхобод келишувини амалга ошириш бўйича келишиб олдилар.

Учрашувда Ўзбекистон ва Эрон ўртасидаги транспорт ва логистика соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича вазифалар белгилаб олинди, деб хабар қилди Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги матбуот хизмати.

Иккала томон ҳам ўз мамлакатлари ва халқлари манфаатлари йўлида ҳамкорликни давом эттиришга тайёр эканликларини билдирдилар.