Ўзбекистон ва Панама дипломатик муносабатлар ўрнатган

Ўзбекистон ва Панама вакиллари мамлакатлар ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатиш тўғрисида қўшма коммюнике имзоладилар.

Панама Республикаси Ўзбекистон билан дипломатик алоқалар ўрнатган 138-давлат бўлди. Кеча, 29-ноябр куни Нью-Йорк шаҳрида Ўзбекистон ва Панама ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатиш тўғрисида қўшма коммюнике имзоланди.

Икки давлат ҳукумати номидан ҳужжатни Ўзбекистоннинг БМТдаги доимий вакили, элчи Бахтиёр Ибрагимов ва Панаманинг БМТдаги доимий вакили, элчи Маркова Консепсион Жарамилла имзолади.

Томонлар халқаро ташкилотлар, жумладан, БМТ ва унинг ихтисослашган идоралари доирасида қўшма ҳамкорликни мустаҳкамлашдан ўзаро манфаатдор эканликларини тасдиқладилар.

Бундан ташқари, ҳамкорликнинг ўзаро манфаатли йуналишларини излашда, жумладан, Ўзбекистон 3 ноябрдан доимий кузатувчи мақомига эга бўлган Америка давлатлари ташкилоти доирасида икки томонлама алоқаларни давом эттириш бўйича келишувга эришилди.

Панама Марказий ва Жанубий Американинг туташган жойида, Атлантика ва Тинч океанлари оралиғида жойлашган ва муҳим юк ташиш йулини таъминлайдиган давлатдир.

“Ҳужжатнинг имзоланиши Ўзбекистоннинг Панама чорраҳасида жойлашган Марказий ва Жанубий Америка давлатлари билан ўзаро ҳамкорлигини ошириш ё‘лидаги муҳим қадам бўлди”, — дейилади хабарда.