Ўзбекистон ва Покистон трансафғон темир йули қурилишини давом эттиради

Ўзбекистон ва Покистон вакилларининг учрашувида мамлакатлар ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 5-феврал куни Пекиндаги ташрифининг иккинчи кунида Покистон Ислом Республикаси Бош вазири Имрон Хон билан учрашди.

Ўзбекистон-Покистон стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантиришнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.

Покистон Бош вазирининг ўтган йил июл ойида Ўзбекистонга ташрифи чоғида эришилган келишувларни амалга оширишнинг дастлабки натижалари мамнуният билан қайд этилди.

Жумладан, ўтган йил якунларига кўра, ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 1,5 баробар ошди, йил давомида 40 дан ортиқ қўшма корхона ташкил этилди.

Мамлакатимизнинг турли ҳудудларида фармацевтика, кимё ва тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича кооперация лойиҳалари амалга оширилмоқда. Саноат, таълим, кино соҳаларида қатор муҳим лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда.

Ҳудудлараро алоқалар кенгаймоқда – шу кунларда Панжоб вилояти губернатори Сарвар Чоудри бошчилигидаги делегация мамлакатимизга ташриф буюрмоқда.

Учрашувда қўшма тадбиркорлик ташаббуслари ва истиқболли инвестиция лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш, банк-молия соҳасида ҳамкорликни йулга қўйишга алоҳида эътибор қаратилди.

Минтақавий кун тартибидаги масалалар, жумладан, Афғонистондаги вазият юзасидан фикр алмашилди.

Термиз-Мозори Шариф-Кобул-Пешовар темир ё‘ли қурилиши лойиҳасини илгари суриш бўйича амалий ишларни давом эттириш бўйича келишувга эришилди.

Шунингдек, олий ва юқори даражадаги бўлажак алоқалар жадвали кўриб чиқилди.

Ўзбекистон Президенти ва Покистон Бош вазирининг учрашуви ан’анавий очиқ, ишчан ва дўстона руҳда ўтди.