Ўзбекистон ва Тожикистон атроф-муҳитни муҳофаза қилиш вазирлари ҳамкорликни яхшилаш мақсадида учрашдилар

Самарқандда бўлиб ўтган CMS COP14 халқаро анжуманида Тожикистон билан минтақада трансчегаравий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш бўйича келишувга эришилди. Ўзбекистон Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимовнинг Тожикистон ҳукумати ҳузуридаги атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси раиси Баҳодур Шерализода билан учрашуви конструктив ўтди.

Абдуҳакимов Шерализодага анжуманда иштирок этгани учун миннатдорлик билдириб, Орол денгизининг қуриб қолган тубида 2 миллион гектар майдонда ўрмонларни қайта тиклаш дастури ҳақида маълумот берди. Шунингдек, у ҳар йили 200 миллионга яқин дарахт экиладиган, кўкаламзорлаштириш майдонини 30 фоизга етказиш мақсадини кўзлаган “Яшил Макон” лойиҳаси муваффақиятларини қайд этди.

Вазир муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тармоғини кенгайтириш бўйича фаол сиёсат олиб борилаётганини, бу уларнинг майдонини мамлакатимиз умумий ҳудудининг 14% гача оширишга олиб келганини алоҳида таъкидлади. У, шунингдек, Халқаро табиатни муҳофаза қилиш иттифоқининг Ўзбекистондаги ваколатхонасининг трансчегаравий объектларни бошқариш бўйича чора-тадбирлар режаларини ишлаб чиқишдаги ролини таъкидлади.

Абдуҳакимов Марказий Осиёда минтақавий мулоқотни такомиллаштириш ва трансчегаравий ҳамкорликни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаб, минтақада трансчегаравий қўриқланадиган ҳудуд яратишдан манфаатдор эканлигини билдирди. Шунингдек, Тожикистоннинг Raptors меморандумига қўшилиши минтақада экологик хавфсизликни мустаҳкамлашда муҳим қадам бўлгани таъкидланди.