Ўзбекистон ва Туркманистон ташқи ишлар вазирларининг музокаралари бўлиб ўтди

Музокаралар чоғида Ўзбекистон-Туркманистон стратегик шериклигини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

10-январ куни Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловнинг Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси раиси ўринбосари, ташқи ишлар вазири Рашид Мередов билан телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабарига кўра, суҳбат чоғида Ўзбекистон-Туркманистон стратегик шериклигининг бугунги ҳолати ва ҳар томонлама ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Икки давлат раҳбарлари ўртасида аввал эришилган келишувлар ижросининг боришига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Яқин келажакда савдо-иқтисодий соҳадаги икки томонлама ҳамкорликни янада чуқурлаштириш масалаларини муҳокама қилиш учун Вазирлар Маҳкамаси Раисининг ўринбосари бошчилигидаги Туркманистон ҳукумат делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи кутилмоқда. Шунингдек, турли соҳалардаги аниқ лойиҳаларни амалга оширишнинг бориши кўриб чиқилади.