Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева ва Уммон Султонлиги иқтисодиёт вазири Саид ал Сакрининг амалий учрашувида Ўзбекистон билан Уммон ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашувда томонлар турли соҳалардаги алоқаларни янада ривожлантириш, жумладан, икки давлат ўртасидаги парламентлараро алоқаларни мустаҳкамлаш масалаларини муҳокама қилдилар. Томонлар Ўзбекистон ва Уммонни бирлаштирган маданият, дин, анъана ва маънавий қадриятлар муштараклигини таъкидлаб, ўзаро манфаатли муносабатларни изчил мустаҳкамлашдан манфаатдор эканликларини билдирдилар.
Уммон Султонлиги иқтисодиёт вазири Ўзбекистон халқаро майдонда тобора обрўли давлатга айланиб бораётганини, Уммон Ўзбекистонни Марказий Осиёдаги асосий ҳамкори деб билишини таъкидлади.
Томонлар икки томонлама муносабатларни турли соҳаларда, жумладан, иқтисодиёт, қишлоқ хўжалиги, инновациялар, туризм ва бошқа соҳаларда фаоллаштиришдан манфаатдор эканини билдирди.
Суҳбат чоғида савдо-иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, саноат кооперациясини йўлга қўйиш ва инвестиция лойиҳаларини биргаликда амалга ошириш юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Шунингдек, Ўзбекистонда Янги Ўзбекистонни барпо этиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар, конституциявий ислоҳотларнинг бориши ҳақида маълумот берилди.