Ўзбекистонда давлат хизматчилари сонини 30 фоизга қисқартиради

Бугун, 20 декабр куни Президент Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис депутатлари ва Ўзбекистон халқига Мурожаатнома билан чиқди.

Президент ўз нутқи давомида давлат бошқарувининг ихчам ва самарали тизимига ўтишни таклиф қилди.

«Энди мен 2023 йилга мўлжалланган устувор вазифаларга тўхталиб ўтмоқчиман. Биринчи йўналиш – давлат бошқарувининг ихчам ва самарали тизимига ўтишни таклиф қиламан. Нима учун нутқимни шу йўналишдаги ислоҳотлардан бошлайман? Илгари қаровсиз ҳолатда бўлган, «йўқ бўлиш» арафасида турган тармоқларни «оёққа кўтариш» учун янги вазирлик ва идоралар ташкил этиш зарур эди. Биз буни қилишимиз керак эди, акс ҳолда биз ҳозир эришган нарсага эришмаган бўлардик. Мактабгача таълим, уй-жой коммунал хўжалиги, маҳалла (маҳаллаларда ишлаш тизими – таҳр.), инвестициялар, давлат хизмати ва давлат-хусусий шериклик йўналишларида катта натижаларга эришдик», — деди у.

Давлатимиз раҳбари хусусий сектор ва тадбиркорликни ривожлантириш орқага қайтарилмас жараёнга айланганини таъкидлади.

«Аҳолимизнинг фаоллиги, замонавий технологиялар ва касб-ҳунарларга интилиши ортиб бормоқда. Иқтисодиётимизда янги йўналишлар, тармоқлар яратилмоқда. Шу муносабат билан, хусусий ташаббусни янада кенгайтириш ва унинг янги истиқболларини очиш мақсадида «қўлда бошқарув»дан аниқ натижа учун ишлайдиган тизимли бошқарувга ўтиш вақти келди», деди президент.

Мирзиёев давлат аппаратида бир-бирини такрорлаш кўп, ортиқча кадрлар борлигини айтди.

«Марказлаштириш юқори даражада. Натижада, тўғри ечимларни излашга жуда кўп вақт, куч ва ресурслар сарфланади. Вазирлар, таъбир жоиз бўлса, ҳукумат қарорларида «овоз йўқ». Яъни, мазкур қарорларни тайёрлаш ва амалга оширишда уларнинг иштироки ва масъулияти етарли эмас. Вазирлар энди эскича ишлашга ҳақли эмас. Вазирнинг ўз соҳасида аниқ ёндашувлари бўлмаса, фаолияти одамларнинг оғирини енгил қилмаса, ўзингиз айтинг, бундай раҳбарнинг нима кераги бор? Шу боис янги маъмурий ислоҳот тўғрисидаги фармонни имзоладим. Биз бунга анчадан бери тайёргарлик кўрдик», — деди Шавкат Мирзиёев.

Биринчи босқичда вазирликлар ислоҳ қилинади, ҳукумат иши тубдан ўзгаради.

«Биринчидан, вазирликлар сони ҳозирги 61 тадан 28 тага қисқартирилади. Эндиликда ҳар бир вазирлик тегишли соҳада давлат сиёсатини амалга ошириш учун масъул бўлиб, идоравий қўмиталар, идоралар ва инспексияларга бошчилик қилади», — деди у.

Бундан ташқари, давлат хизматчилари сони босқичма-босқич 25-30 фоизга қисқаради.

«Кўплаб вазирлар алмашмоқда. Ўз соҳасини пухта биладиган, фидойи, ишидан халқ рози бўлган вазирлар ўз лавозимларида қолади. Менимча, бу ёндашув адолатли. Давлат хизматчилари сони аста-секин 25-30 фоизга қисқаради. Тежалган маблағлар ижтимоий масалаларни ҳал этишга йўналтирилади. Ҳар бир вазирнинг сиёсий мақоми, президент, парламент ва жамият олдидаги масъулияти ортади. Натижада масъулият кучаяди. Уларга аҳоли муаммоларини ҳал этиш учун етарли ваколат ва воситалар берилади. Очиқлик, қонунийлик, самарадорлик ва сифат вазирликлар фаолиятида асосий мезон бўлади», — дея хулоса қилди Президент.