Бугун, 11-июл куни Шавкат Мирзиёев раислигида инвестицияларни жалб этишни янада кенгайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирларга бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.
Учрашувда янги лойиҳалар орқали 3 миллиард долларлик қўшимча тўғридан-тўғри инвеститсияларни жалб этиш масалалари муҳокама қилинди. Бу борадаги энг катта имкониятлардан бири олий даражадаги хорижий ташрифлар чоғида эришилган келишувлардир.
Жумладан, кейинги икки йил давомида Саудия Арабистони, Франция, Венгрия, Сингапур, Миср, Германия, Хитой, Италия, Қатар ва бошқа давлатлар иштирокидаги саммит учрашувларида муҳим келишувларга эришилди.
Венгрия, Покистон, Таиланд, Чехия, Япония каби давлатлар билан ҳамкорликда сармоя жалб этиш борасида ижобий ўзгаришлар борлиги қайд этилди.
Ўтган йили ушбу мамлакатлардан атиги 40 миллион доллар сармоя жалб қилинган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткич 450 миллион долларга етди.
Шу билан бирга, Миср, Эрон, Испания, Ҳиндистон ва Белгиядаги элчиларнинг фаолияти ҳали натижа бермагани таъкидланди.
Маълум бўлишича, бундан буён хорижий шартномалар доирасида инвесторлар билан ишлашнинг янги тизими жорий этилади. Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигида ҳар бир янги инвесторга ҳамроҳлик қилувчи ва тўғридан-тўғри вазирга бўйсунадиган “инвестиция менежери” лавозими яратилади. Улар хорижий инвесторлар билан доимий алоқада бўлиб, юзага келаётган муаммоларни ҳал қилади.
Инвестициялар вазирлари ўринбосарлари ва ташқи ишлар вазирига “инвестициялар бўйича менежерлар” билан биргаликда ушбу тизим асосида 437 нафар инвестор иштирокида амалий ишларни бошлаш ва жорий йилда қўшимча 3 миллиард доллар сармоя жалб этиш вазифаси юклатилди.