Ўзбекистонда истеъмол товарлари ишлаб чиқаришни кўпайтириш режалаштирилмоқда

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йилда инфляция даражасини пасайтириш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказди.

Бу ҳақда республика раҳбари матбуот хизмати хабар берди.

Йиғилишда 2022-йил якунига кўра республикада инфляция даражаси 12,3 фоизни ташкил этгани қайд этилди. Жорий йилда барча иқтисодий механизмлардан фойдаланган ҳолда бу кўрсаткични 10 фоиздан пастга тушириш режалаштирилган.

Йиғилиш иштирокчилари бунинг учун истеъмол товарлари, жумладан, озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, уларнинг моддий-техник таъминоти таннархини «даладан дастурхонгача» арзонлаштириш ва арзонлигини таъминлаш зарурлигини алоҳида таъкидладилар.

Давлатимиз раҳбари қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришни кўпайтириш учун аҳолига ажратилган 200 минг гектар ердан самарали фойдаланиш бўйича топшириқлар берди.

Мазкур тадбирларни тизимли ташкил этиш учун ҳудудларнинг имкониятларидан келиб чиқиб, ҳар бир туман ва шаҳар бўйича алоҳида «йўл хариталари» ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.

Шунингдек, аҳоли даромадларини оширишда фуқароларнинг бўш маблағларини молия бозорига жалб этиш муҳимлиги таъкидланди.

Шунингдек, йиғилишда аҳоли учун жозибадор молиявий хизматлар турларини кенгайтириш юзасидан мутасаддиларга топшириқлар берилди.