Ўзбекистонда энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланганлик учун жавобгарлик кучайтирилди

Олий Мажлис Сенатининг 2023-йил 3-март куни Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган ўттиз еттинчи ялпи мажлисида энергетика соҳасига оид муҳим масалалар муҳокама қилинди.

Йиғилишда кўрилган асосий масалалардан бири «Энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланганлик учун Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига жавобгарлик кучайтирилганлиги муносабати билан ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш масаласи бўлди.

Муҳокама чоғида кўрилаётган чора-тадбирларга қарамай, энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари ҳамон ортиб бораётгани алоҳида таъкидланди. 2022-йилда ва жорий йилнинг ўтган даврида Бош прокуратура томонидан электр энергияси ва табиий газдан фойдаланиш қоидаларини бузиш ҳолатлари бўйича 433 та жиноят иши қўзғатилган. Мазкур жиноятлар натижасида давлатга 368,1 миллиард сўм моддий зарар етказилган.

Бу муаммога қарши курашиш учун энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланганлик учун қўшимча жазо чораларини жорий этиш таклиф этилди. Хусусан, ендиликда умумий фойдаланишдаги электр, иссиқлик, газ ёки сув таъминоти тармоқларига ўзбошимчалик билан уланиш ёки электр энергияси, табиий газ, совуқ ёки иссиқ сув ҳисоблагичларини, шу жумладан, уларнинг муҳрларини қасддан бузиш ҳолатлари ўғирлик жинояти сифатида баҳоланади.

Бундан ташқари, жисмоний ва юридик шахсларнинг айрим фаолиятида фойда, даромад олиш, фойда олишга қаратилган мақсад сифатида белгилаб берилган «тижорат мақсади» тушунчаси киритилди. Шунингдек, «Ўзэнергоинспекция»нинг ёзма кўрсатмаларини бажармаганлик учун маъмурий жавобгарликни кўриб чиқиш ваколатларини топшириш масаласи ҳам муҳокама қилинди.