Ўзбекистонда солиқ тўловчиларни ҳисобга олиш тизимини ўзгартириш режалаштирилмоқда

Вазирлар Маҳкамасининг «Солиқ тўловчиларни ҳисобга олиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Вазирлар Маҳкамасининг «Юридик шахслар, ваколатхона, филиал ёки доимий муассаса орқали фаолият юритувчи хорижий юридик шахслар ҳамда хўжалик фаолияти билан шуғулланувчи жисмоний шахсларнинг маълумотларини тўплаш, қайта ишлаш ва сақлаш механизмларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ Давлат солиқ қўмитасида маълумотлар базаси негизида юридик шахслар, ваколатхона, филиал ёки доимий муассаса орқали фаолият юритувчи хорижий юридик шахслар ҳамда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи жисмоний шахслар тўғрисидаги марказий маълумотлар базаси ишга туширилди.

Қарор лойиҳасига кўра, Давлат солиқ қўмитаси, Адлия вазирлиги ва Давлат персоналлаштириш марказининг таклифига розилик бериш таклиф этилади, унга кўра:

ФҲДЁ органлари томонидан Ўзбекистон ҳудудида туғилган барча шахсларга жисмоний шахснинг шахсий идентификация кодини бериш;

хорижий давлат фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга шахсий кодни бериш жараёнида бир вақтнинг ўзида солиқ органларида солиқ тўловчи сифатида рўйхатдан ўтиш.

Давлат солиқ қўмитаси Адлия вазирлиги ва Давлат персоналлаштириш маркази билан биргаликда жисмоний шахсларни солиқ тўловчи сифатида ҳисобга олиш бўйича ахборот тизимларини ўзаро интеграциялашувини таъминлайди.

Юридик шахснинг раҳбари ва (ёки) ҳисобчиси тўғрисидаги маълумотлар ўзгартирилганда, юридик шахснинг мансабдор шахси бундай ўзгартиришлар киритилган кундан эътиборан ўн кун ичида солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали солиқ органларига хабар бериши шарт.