Ўзбекистондаги Халқ дипломатияси маркази ходимларига ШҲТ юбилей медаллари топширилди

Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги Халқ дипломатияси маркази матбуот хизмати хабарига кўра, 2021-йилда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) ташкил топганига 20 йил тўлади.

Шу муносабат билан ташкилотга аъзо давлатлар Ташқи ишлар вазирлари кенгаши қарори билан “Шанхай ҳамкорлик ташкилотига 20 йил” юбилей медали тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Юбилей медали билан Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатларнинг давлат хизматчилари ва жамоат арбоблари, шунингдек, Шанхай ҳамкорлик ташкилотини яратиш, шакллантириш ва ривожлантиришга катта шахсий ҳисса қўшган ШҲТга а’зо давлатларнинг доимий органлари мансабдор шахслари ва вакиллари берилади. .

Жорий йилнинг 27 декабр куни Тошкент шаҳридаги ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмаси Ижроия қўмитаси биносида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Бош котиби Владимир Норов мамлакатимизнинг қатор вазирлик ва идоралари вакилларига медалларни тантанали равишда топширди.

Мукофотланганлар орасида Марказ директори Қобулжон Собиров, маданий-гуманитар алоқалар бўлими бошлиғи Фахриддин Ўтбосаров ҳам бор.

Марказ ходимлари уларни ушбу юксак мукофот билан самимий табриклади.