Ўзбекистонлик ҳарбийлар АҚШ мусобақасида ғолиб бўлишди

19-24 апрел кунлари АҚШнинг Миссисипи штатида бўлиб ўтган «Енг яхши жангчи» мусобақасида Ўзбекистон ҳарбийлари совринни қўлга киритишди.

19-24 апрел кунлари АҚШнинг Миссисипи штатидаги Кемп Шелби ҳарбий ўқув базасида бўлиб ўтган «Энг яхши жангчи» мусобақасида Ўзбекистон Мудофаа вазирлигининг икки нафар ҳарбий хизматчилари иштирок этишди ва ўз тоифаларида ғолиб бўлишди — дейилади Мудофаа вазирлиги ҳабарида.

Иштирокчилар сунъий тўсиқларни енгиб ўтиш, узоқ масофани босиб ўтиш, жанг майдонида ярадорларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш, шунингдек, тунда ҳарбий топографияни билиш бўйича мусобақалашдилар.

Кеча ҳарбий тайёргарлик базасида «Энг яхши жангчи» танлови ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Ташкилотчилар III даражали сержант Дилмурод Сулаймонов ва кичик сержант Хайрулла Олимовга «Энг яхши жангчи» нишонини топширдилар.

“Биз учун анъанавий бўлиб келган ушбу танловда ўзбекистонлик ҳамкасбларимиз иккинчи маротаба қатнашмоқдалар. Шуни тан оламанки, бу сафар улар нафақат жисмоний, балки жанговар ва психологик тайёргарликда, қурол-яроғни билишда ҳам яққол устунликка эга”, — деди Миссисипи Миллий Гвардияси НКК қўмондони сержант маёр Кристофер Янг.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ҳарбий хизматчилари 2019 йилда ушбу танлов ғолибларига айланишган.