Жаҳонгир Ортиқхўжаев Тошкент шаҳар ҳокими лавозимидан озод этилди

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев қиш мавсумида аҳолини энергия ресурслари билан узлуксиз таъминлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларга бағишланган кенгайтирилган йиғилишда Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевни лавозимидан озод қилди.

Бу ҳақда республика раҳбари матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилди.

Таъкидланганидек, бугунги кунга қадар соҳа ва ҳудудлар раҳбарлари қандай ишлаганини бугунги ҳолат яққол кўрсатиб берди. Хусусан, Тошкент шаҳрининг барча даражадаги раҳбарияти ғайритабиий совуқларга тайёр эмаслиги кескин танқид қилинди.

Президент пойтахтнинг бош режаси йўқлиги, бунинг натижасида ўзбошимчалик билан қурилган объектлар сони кўпайиб бораётгани ва мавжуд инфратузилмаларга юкламалар келиб чиқаётганини танқид қилди. Шавкат Мирзиёев бозорларда озиқ-овқат музлаб, нархлар ошиб бораётганини ҳам таъкидлади.

Бу камчиликларнинг барчаси пойтахт ҳокимининг истеъфога чиқишига сабаб бўлди. Шу билан бирга, Юнусобод, Мирзо Улуғбек, Учтепа туманлари раҳбарлари эгаллаб турган лавозимидан озод этилди. Улар туман ҳокими вазифасини бажарувчи лавозимига туширилди.

Бош прокуратурага уларнинг фаолиятини ўрганиш топширилди.

«Иссиқлик электростанция» акциядорлик жамияти раиси Ф.Абдурахмонов эгаллаб турган лавозимидан озод этилган.

Шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари Бахтиёр Раҳмонов Тошкент шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи, Бош прокурор ўринбосари Э.Юлдошев шаҳар прокурори этиб тайинланди.