21 ёшли талаба спорт клубида вафот этди

Янгийўл шаҳар тиббиёт бирлашмаси қабул бўлимига спорт клубида машғулотлар вақтида вафот этган 21 ёшли талабанинг жасади етказилди.

Йигит Янгийўл туманидаги Охил маҳалласи Самарқанд кўчасида истиқомат қилган.

Суд-тиббий экспертизасининг дастлабки натижаларига кўра, ўлимга ўткир юрак етишмовчилиги сабаб бўлган, марҳумнинг танасида жароҳатлар аниқланмаган.

Талабанинг ўлими шаҳарда катта қизиқиш уйғотди ва мазкур ҳолат юзасидан Янгийўл прокуратураси томонидан терговга қадар текширув бошланди.

12 апрел куни кечки пайт Д.A. Янгийўл шаҳри Рамазон маҳалласида жойлашган спорт клубида бўлиб, соғлиғи кескин ёмонлашиб, вафот этган.

Бош прокуратура матбуот котиби Хаёт Шамсутдинов мазкур ҳолат юзасидан Янгийўл прокуратураси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилаётганини тасдиқлади.